Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев иштирокида ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди

22 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев иштирокида «Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, шунингдек, истеъмол саватчаси ҳисоби ҳамда тирикчилик учун зарур энг кам миқдор»мавзусида ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Анжуманда журналистлар вазирдан контракт миқдори қандай белгиланиши, масалан, сиртқи таълим икки ой давом этсада, тўлов миқдори кундузи таълим сингари эканлиги сабаби нимадалиги, йўл қоидаларини бузганлардан ундириладиган жарималар нималарга қараб белгиланишини сўрадилар.

– Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бу меъёрларни белгиламайди, алоқамиз йўқ буларга. Олий таълим нархларини ҳар бир ОТМ ўз харажатларидан келиб чиқиб, ҳисоблаб чиқади ва Молия вазирлигига тақдим этади. Шундан сўнг тўлов-контрактлар миқдорлари белгиланади.

Йўл ҳаракати қоидалари учун жарималарни ҳам биз белгиламаймиз. Бунда биринчи навбатда йўллардаги қоида бузиш ҳолатларига барҳам бериш, қоидабузарларга молиявий таъсир кўрсатиш орқали ЙТҲларни камайтириш режалаштирилади – деди Ботир Хўжаев.

Тадбир давомида журналистлар вазир Ботир Хўжаевдан юқори даражадаги инфляция туфайли деноминация (пул қийматини кичрайтириш, ҳисоб-китобни соддалаштириш учун бир неча нолларни олиб ташлаш — таҳр.) режалаштирилаётгани ёки йўқлиги ҳақида сўралди.

«Деноминация масаласи Марказий Банк ваколатида. Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг бунга алоқаси йўқ.

Инфляцияга келсак, бизда инфляция даражаси юқори эмас (шу ўринда Repost.uz нашри мухбири инфляция даражаси 10 фоиздан ошиши юқори ҳисобланишини эслатди).

Тўғри, инфляция юқори, лекин биздан ҳам юқори давлатлар ҳам бор – масалан Венесуэла. Бизда инфляциянинг асосий сабабчиси сўмнинг девальвацияси. Шунга қарамай биз инфляция даражасини тушириш устида ишлаяпмиз», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, Венесуэла иқтисоди қаторасига олтинчи йил қулашни бошдан кечирмоқда. Аҳвол аввалги ҳолатига қайтишига умид йўқ. Мамлакатнинг ташқи қарзи 100 миллиард долларга етган, валютанинг ягона манбаи бўлмиш нефть қазиб олиш ҳажми эса йилдан йилга пасаймоқда.

Ўтган йилда Венесуэлада инфляция 1 миллион фоизни ташкил этиб, 1920-йиллардаги Веймар республикаси ҳамда 2000-йиллардаги Зимбабвенинг натижалари янгиланди.

Гиперинфляция тиббий хизмат, энергия таъминоти, ичимлик суви таъминоти, транспорт соҳаларида ҳам вазиятни кескин ёмонлаштирган, озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги юзага келган.

2030 йилгача мўлжалланган Миллий ривожланиш концепцияси билан таништираркан вазир тарифлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ҳозирги нархлар билан иқтисодиётда ўсишни режалаштириб бўлмайди. Мисол учун, биз минг кубометр газни хорижга 128 доллардан экспорт қиляпмиз, аҳолига эса худди шу газ 41 доллардан етказиб бериляпти. Шунингдек, бизда газ қазиб олиш таннархи ҳам жуда баланд. 2030 йилгача саноат ҳажми режамизга кўра ҳар йили 4 фоиздан ошиб борсагина биз белгиланган мақсадимизга эришамиз», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Саноат корхоналарига юқори тарифлар белгилай туриб, қандай қилиб ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мумкинлиги ҳақидаги саволга Ботир Хўжаев шундай жавоб берди: «Иқтисод қилиш орқали. Менга телевизор орқали намойиш қилинадиган бир ролик жуда ёқади. Бир хонадонда барча чироқлар, газ ёниб турибди, жўмракдан сув беҳуда оқиб ётибди. Шунда барча нарса ўчирилиб, иқтисод қилиш зарурлиги уқтирилади. Тарифлар ошиши айнан энерготежамкор технологиялар қўлланишига сабаб бўлади. Биз 2022 йилгача энергия тежамкорлиги концепциясини ишлаб чиқариш устида ишлаяпмиз. Лекин энергоресурслар нархлари кескин ошиб кетишини кутиш тўғри бўлмайди. Сабаби, биз аҳолининг имкониятларини ҳам унутмаслигимиз лозим. Бу босқичма-босқич амалга оширилади».

Энергоресурслар тарифларини белгилаш нималарга асосланиши тўғрисидаги саволга вазир, «иқтисодиёт вазирлиги бу жараёнда иштирок этмайди» деган жавоб берди.

Манба: kun.uz