Давстатқўм ЯИМни аввалги йиллар учун қайта ҳисоблаб чиқди

Бугунги кунда Давлат статистика қўмитаси томонидан статистик кўрсаткичларни шакллантириш услубиётини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш даражасини холис баҳолаш имконини берувчи ҳисобот маълумотларининг тўлиқлигини таъминлаш, шунингдек, макроиқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳисоб-китобларини «Миллий ҳисоблар тизими – 2008» стандартига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дея хабар беради қўмита ахборот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йил январь ойида Давлат статистика қўмитаси томонидан услубий ёндашувларни қайта кўриб чиқиш асосида 2017 йил учун ЯИМ ҳажмини кенг миқёсда қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди ва бу асосан қишлоқ хўжалиги тармоғи маълумотларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Ушбу ўзгаришлар бир неча йиллар давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳисоблашда бозор нархларига нисбатан сезиларли даражада паст бўлган нархлардан фойдаланилганлиги билан изоҳланади.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча турлари бўйича ўртача йиллик нархлар қайта кўриб чиқилиб, бозор нархларига ўтказилди. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш миқдори, яъни натура кўринишидаги ҳажмлар ўзгармади.

2017 йил учун маълумотлар қайта ҳисоблаб чиқилгандан сўнг, қишлоқ хўжалигининг қўшилган қиймати ҳажми 43,1 трлн. сўмдан 91 трлн. сўмга ва мос равишда, ЯИМ ҳажми 254 трлн. сўмдан 302,5 трлн. сўмга (қишлоқ хўжалиги ҳисобига +47,9 трлн. сўм ва бошқа соҳалар ҳисобига +0,6 трлн. сўм) ошди. Шу билан бирга, қайта ҳисоблаш натижаларига кўра 2017 йил учун ЯИМнинг ўсиш суръатлари 5,2 % дан 4,5 % гача камайди. Шунингдек, ЯИМнинг тармоқлар бўйича таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 19,7 % дан 34,0 % га ошди, саноатнинг улуши 27,2 % дан 22,2 % гача, қурилишнинг улуши 6,9 % дан 5,7 % гача, хизматлар соҳасининг улуши 46,2 % дан 38,1 % гача камайди.

Динамикада маълумотларни солиштириш имкониятини яратиш мақсадида ЯИМни 2010-2016 йиллар учун қайта ҳисоблаш амалга оширилди. Ретроспектив қайта ҳисоблашларни амалга оширишда ЯИМнинг бошқа таркибий қисмларига, хусусан, маҳсулотларга соф солиқлар, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг қўшилган қийматига ҳам аниқликлар киритилди. Бу эса, Миллий ҳисоблар тизими ва Давлат молияси статистикаси маълумотлари ўртасида ўзаро мувофиқликни таъминлаш мақсадида амалга оширилганлиги билан изоҳланади.

Шунингдек, ЯИМни қайта ҳисоблаш жараёнида Халқаро валюта жамғармаси экспертларининг 2019 йил 4-15 мартда ўтказилган миллий ҳисоблар статистикаси бўйича техник кўмак миссияси доирасида услубий ёрдамлари кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси ЯИМини қайта ҳисоблаш натижалари бўйича солиштирма жадвал:

Қайта ҳисоблаш натижалари тўғрисидаги батафсил маълумотлар билан Давлат статистика қўмитаси сайтида қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Келгусида Давлат статистика қўмитаси томонидан статистика услубиётини такомиллаштириш, миллий ҳисоблар замонавий тизимининг янги қоидаларини жорий этиш, шунингдек, статистика маълумотларида ва уларни ҳисоблаш услубиётида бўлаётган ўзгаришларни мунтазам ва батафсил ёритиб бориш ишлари давом эттирилади, дейилади хабарда.

Манба: kun.uz